Уста деҳқонларга субсидия ва грантлар ажратиш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда уста деҳқонлар учун субсидия ва грантлар ажратиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

2025 йил 13 майдаги Ҳукумат қарори билан деҳқон ва томорқа эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан молиявий ёрдам ажратишга оид низоми тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, жамғарма маблағлари ҳисобидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш турлари билан таъминланади:

ҳар йили 500 та маҳаллада амалга оширилган энг намунали ва инновацион лойиҳалар учун БҲМнинг 100 бараваридан ошмаган миқдорда грантлар ажратиш;

уста деҳқонлар томонидан ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курслари учун ҳар бир курсга БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратиш;

маҳалланинг 50% хонадонлари томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни ташкил этган уста деҳқонларга 100 млн сўмгача субсидия ажратиш.

Субсидия олувчи уста деҳқонлар «маҳалла еттилиги» томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра аниқланади. Вазирлик 10 иш кунида таклифларни кўриб чиқади ва талабга жавоб берадиган номзодларни танлаб олади. Сўнгра, ҳудудий меҳнат органлари бир иш куни ичида субсидия маблағларини «Онлайн маҳалла» электрон платформаси орқали уста деҳқонларнинг банк карталарига ўтказиб беради.

 

Ўзбекистон