Нукусда ўқитувчилардан пора олган мактаб директори ўринбосари қўлга олинди

Қорақалпоғистонда таълим соҳасида порахўрликка оид жиноят фош этилиб, уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мактаб директорининг топшириғи асосида касбий сертификат олиш бўйича синовлардан ўтказиб бериш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан $1 минг олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Терговга қадар ўтказилган текширув давомида аниқланишича, мактаб директорининг ўринбосари 100 нафардан ортиқ ўқитувчини давлат аттестациясидан ўтказиш эвазига ҳар биридан $1 минг – $1,5 миқдорида пора олиб келган. Мазкур ҳолатлар унинг шахсий дафтар ва ёзувларида акс эттирилгани келтирилган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогларнинг билим ва малакасини баҳолашни ташкил этиш шўбаси бош методисти ҳам ушбу ноқонуний ҳаракатларга алоқадорлиги аниқланган. У ўқитувчиларни аттестациядан ўтказишга ёрдам бергани учун йиғилган $10,4 ни ихтиёрий равишда топширган.

Шунингдек, тест синовларига ўқитувчиларнинг уяли телефон билан киришига шароит яратган Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашгани аниқланган.

Мазкур шахслар пора сифатида олинган пулларни ўзаро бўлиб олишгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди (олдиндан тил бириктириб пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Қорақалпоғистон