Жиззахда ва Сирдарёда мансабдорлар пора билан ушланди
Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокимлиги бўлими бош мутахассиси ва туман ҳокими пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бош мутахассис қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркордан 1,7 гектар ерда кўп қаватли уйлар қуриш учун рухсат олиб бериш эвазига жами $30 минг талаб қилган. У 5 июль куни $10 мингни олиб, туман ҳокимига берган. 8 июль куни эса қолган $20 мингни олиб, унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни топширган.
Пулни ҳокимга етказаётган пайтда, ҳокимият биноси олдида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган. Ҳоким депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, бош мутахассисга эса 168 ва 211-моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида эса прокурор ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркордан жиноят ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига $10 минг пора сўраган. ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у ушбу пулни хизмат хонасида олаётган вақтда қўлга олинди.
Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 28,211-моддалари бўйича иш очилди.
Ҳар икки ҳолатда гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.