Тошкентда электр кабели электробус устига узилиб тушди

Ҳудуд зудлик билан хавфсизлантирилди, шундан сўнг носозлик тўлиқ бартараф этилди

Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентда Yutong электробуси устига электр кабели тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Хусусан, 11-август куни соат 19:13 да Мирзо Улуғбек тумани Гулсара кўчасидаги Inbazar савдо мажмуаси яқинида электр узатиш тармоғида қисқа туташув содир бўлиб, электр кабели йўлнинг қатнов қисмига тушган.

Шундан сўнг, воқеа жойига тегишли масъул хизматлар зудлик билан етиб бориб, ҳудудни хавфсиз ҳолатга келтирган ва носозликни бартараф этишган.

Ҳодиса оқибатида фуқаролар ва транспорт воситаларига зарар етмаган. Хусусан, ижтимоий тармоқларда тилга олинган Yutong русумли электр автобусига ҳам ҳеч қандай зарар етмаган, — дейилади хабарда.

Айни вақтда электр тармоғидаги носозлик тўлиқ бартараф этилган ва вазият назорат остида эканлиги билдирилди.

Ўзбекистон