Фарғонада 40 нафардан ортиқ қизларга ноқонуний диний таълим бериб келган аёл ушланди
Гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, болаларнинг ота-оналарига нисбатан эса маъмурий баённомалар тузилди

Фарғона вилоятининг Боғдод туманида аёл қизларга ноқонуний диний таълим бериб келган, хабар беради вилоят ИИББ матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, «Нурафшон» маҳалласида яшовчи 39 ёшли аёл ўз хонадонида 41 нафар вояга етмаган қизга диний таълим бериб келган. Қизларнинг барчаси ўша ерда яшаб, таҳсил олган. Ота-оналар ҳар бир бола учун ойига 600 минг сўмдан тўлов қилишган.
Диний таълим олаётганлар орасида ҳали мактабга чиқмаган, 5–6 ёшли қизчалар ҳам бўлган.
Қизларга диний сабоқ берган аёл олий ўқув юртида таҳсил олмаган ва тегишли дипломга эга бўлмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси 2-қисми (диний таълимотлардан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 3-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича баённомалар тузилган.





