Ўзбекистонда деярли 30 трлн сўмнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олди олинди

Йил бошидан бери 9 мингдан ортиқ кибержиноят фош этилди, 13 мингдан зиёд фуқарога етказилган 120 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар ундирилди

2026 йил бошидан бери Ўзбекистонда деярли 30 триллион сўмнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олди олинди, хабар беради ИИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Вазирлик тизимида 2026 йил «Кибержиноятларга қарши курашиш йили», деб эълон қилиниб, кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик маданиятини ошириш ва фуқароларни интернетдаги мавжуд хавфлардан огоҳлантиришга қаратилган профилактик тадбирлар кескин кучайтирилган.

Махсус тизим йўлга қўйилгани натижасида 29 трлн сўмнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишнинг олди олинди ҳамда 18 838 та жиноятга алоқадор банк карталари блокланди, — дейилади хабарда.

Ҳисобот даврида жами 9 282 та кибержиноят фош этилди, 4 011 та жиноят ташаббус асосида аниқланди ва 13 мингдан ортиқ фуқароларга етказилган 120 млрд 496 млн сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилди.

Қайд этилишича, кибержиноятларни олдини олиш учун, кучли тарғибот ишлари амалга оширилиб, мамлакатнинг қарийб 23 млн. дан ошиқ аҳолиси қамраб олинган.

Ўзбекистон