Хивада энг катта қовун дегустацияси бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди

Фестивал 7-9-август кунлари Хивада «Ичан қалъа» ва Сарда Хива» мажмуаларида бўлиб ўтди

Хивада ўтказилган «Қовун сайли» фестивали жаҳон рекорди билан якунланди, деб хабар бермоқда Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Бу йил фестивалга 186 минг нафар меҳмон ташриф буюрди, жумладан 150 минг маҳаллий ва 36 минг хорижий сайёҳлар.

Фестивалнинг энг ёрқин воқеаларидан бири эса «Энг катта қовун дегустацияси» бўйича жаҳон рекордининг ўрнатилгани бўлди.

Guinness World Records томонидан берилган расмий сертификатга кўра, рекорд 2026 йил 9 август куни Хива шаҳрида қайд этилди. Унда 259 киши бир вақтда 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўрди. Рекордни тасдиқлаш жараёнида Guinness World Records расмий ҳаками, Туркия ва Марказий Осиё бўйича вакили Шейда Субаши Гемижи иштирок этди.

Фестивалда Хоразм вилояти туманлари, етакчи фермер хўжаликлари ва бошқа иштирокчилар ўз стендларида ўнлаб қовун навларини, шунингдек, вилоят маҳсулотлари, технологиялари ва ютуқларини намойиш этдилар. Меҳмонлар турли хил қовунлардан татиб кўриш, ишлаб чиқарувчилар билан суҳбатлашиш ва Хоразмнинг қишлоқ хўжалиги анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзбекистон