Ўзбекистонда риэлторлар учун янги талаблар жорий этилади

Энди риэлторлар ўқитиш курсидан ўтиши ва малака имтиҳонини топшириши керак

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди, деб хабар бермоқда Norma.uz.

Қонун билан риэлторлар ўқитиш курсидан ўтиш, малака имтиҳонини топшириш ва риэлторнинг малака сертификатини олиш лозим. Ушбу сертификат профессионал жамоат бирлашмалари томонидан берилади.

Риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар Ягона реестрга киритилган санадан эътиборан фаолиятни расмий равишда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ушбу реестрда риэлторлар, кўчмас мулк бўйича агентликлар, профессионал жамоат бирлашмалари ва уларнинг фаолияти ҳақидаги барча маълумотлар очиқ ҳолда жойлаштирилади.

Риэлторлик хизматларининг бир нечта турлари белгиланди:

• кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш чоғидаги воситачилик;

• кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

• кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;

• кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиш.

Бундан ташқари, хусусий сектор томонидан мультилистинг тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Ушбу платформа муддатли шартномалар бўйича «ягона дарча» тамойили асосида риэлторлик хизматларини кўрсатиш имконини беради.

Ўзбекистон