Навоийда ёлланма ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этди
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида қувурларни таъмирлаш вақтида тупроқ босиб қолиши оқибатида ёлланма ишчи вафот этди, деб хабар берди «Daryo» Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таяниб.
Ҳодиса 7 август куни «Алишер Навоий» маҳалласи ҳудудида эски ер ости қувурларини таъмирлаш вақтида юз берган.
Атрофдагилар 59 ёшли фуқарога курак ва бошқа қўл остидаги воситалар ёрдамида ёрдам беришга ҳаракат қилишган, аммо тупроқ остидан чиқара олмаган.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, марҳумнинг ортидан тўрт нафар фарзанди қолган.





