Ўзбекистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланади
Сенатнинг 30 апрелдаги ялпи мажлисида Ўзбекистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланиши кўзда тутилган қонун маъқулланди . Бу ҳақида Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маъқулланган қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини ва никотин етказиб бериш тизимларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, сотиш, шунингдек, мамлакатга олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенат матбуот хизматига кўра, ноқонуний маҳсулотлар билан боғлиқ ҳаракатлар ҳақида ихтиёрий равишда хабар берган ва уларни топширган шахслар жавобгарликдан озод этилади.
Шунингдек, мажлисда Қонун аҳолининг соғлиғи ва миллат генофондини сақлашга, ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидланган.
Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлаш ташаббуси 2021 йилдан буён кўтарилиб келинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йил апрель ойида бу маҳсулотларнинг зарарига доир муҳокамаларни яна фаоллаштирган, Қонунчилик палатаси эса 2025 йил январь ойида тегишли қонунни қабул қилганди.