Ўзбекистон Афғонистоннинг энергетика соҳасига $243 млн сармоя киритади
Афғонистон ва Ўзбекистон электр энергетикаси инфратузилмаси соҳасида умумий қиймати 243 миллион долларлик тўртта йирик лойиҳа шартномаларини имзолади, деб хабар бермоқда Ariana News.
Келишувни имзолаш маросими Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдул Гани Барадар Ахунд ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов иштирокида Кобулда бўлиб ўтди.
Ҳужжат Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) давлат энергетика компанияси ва ўзбекистонлик ҳамкорлар ўртасида имзоланган.
Қайд этилишича, лойиҳалар 18 ой ичида якунланиши ва Афғонистонга Ўзбекистондан 800 дан 1000 мегаваттгача электр энергияси импорт қилиш имконини беради.
Сармоялар «Сурхон – Дашт-и-Алвон» электр узатиш линиясини қуриш, «Арганди» станциясини кенгайтириш, «Кобул – Шайх Месри» электр узатиш линиясини қуриш, Нангарҳорда «Шайх Месри» подстанцияси қурилиши каби лойиҳаларни ўз ичига олади.
Ушбу лойиҳалар Афғонистонда электр энергияси импорти, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши таъкидланди.