Ўзбекистонда 3 млрд сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилингани аниқланди
Ўзбекистонда энергия ресурсларидан фойдаланишда 3 млрд сўмлик талон-торож ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳлар томонидан 13 май куни ҳудудларда табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ йўқотишларни камайтириш ва талон-торожнинг олдини олиш мақсадида текширувлар ўтказилган.
Текширувлар натижасида 301 та энергия ресурсларини йўқотиш ҳолати, 481 та эса талон-торож ҳолати қайд этилган. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар умумий ҳисобда 3 млрд сўмлик зарар келтиргани айтилмоқда.
Шунингдек, газ тақсимлаш тизимини яхшилаш доирасида 5 та пункт янгисига алмаштирилиб, 360 таси таъмирланган. 1 841 та хонадон икки босқичли тизимга ўтказилган, 4 982 та газ ҳисоблагич батареяси янгиланган, 2 900 та ҳисоблагич алоқаси тикланган.
Бундан ташқари, 12 та янги трансформатор ўрнатилиб, 238 км тармоқ ва 169 та трансформатор пунктлари таъмирланган. Юқори юклама остидаги 20 км электр тармоқларда симлар алмаштирилган.
Қонунбузарликларда айбдор деб топилган 11 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган, 6 та жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура бу борадаги чора-тадбирлар давом эттирилаётганини маълум қилди.