Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги ер ости автотураргоҳи қурилиши билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудидаги ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини барпо этиш ишларини кўздан кечирди.

Қурилиш майдони 40 минг квадрат метрдан иборат бўлган, қиймати 100 миллион долларлик мазкур автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та енгил автомобиль ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерларни жойлаштириш имконияти бўлади. Тўрт томонлама қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун пиёдалар йўлаги қурилади.
Бу ерда автоматлаштирилган парковка тизимлари, велосипедлар ижараси нуқталари ташкил қилиниб, электромобилларни зарядлаш учун станциялар ҳам барпо этилади. Мазкур автотураргоҳни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун маъмурий бинолар қурилмоқда. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модуль турдаги янги биноси барпо этилган.
Шунингдек, 1,4 гектар ер майдонда умумий майдони 5751 квадрат метрни ташкил этувчи 5 та бир қаватли енгил металл конструкцияли, базальт қопламали сендвич панеллардан иборат бинолар қурилди.

Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади.
Шу билан бирга, марказ томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилгани билдирилди.
Кечаги билим билан бугун катта натижаларга эришиш қийин. Бунинг учун ҳар куни изланиш, аниқ фанлар, хусусан, ахборот технологияларини яхши ўрганиш керак, бу қурилиш соҳасида ҳам жуда муҳим, – деди Президент.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизимида шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар ягона рақамли базага жамланган. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг 3D форматдаги «рақамли эгизаклари» яратилган, реконструкция ва реновация зоналари белгилаб олинди ҳамда ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти мавжуд бўлган.
Бугунги кунга қадар 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча, 843 та туман аҳоли пунктларининг рақамли бош режалари ишлаб чиқилиб геопорталга жойлаштирилган.





