ИИББ: бўлажак аёлининг ҳовлисини алдаб сотиб юборган куёвга жиноят иши очилди

Ижтимоий тармоқларда бўлажак куёв алдов йўли билан ҳовлини сотиб юборганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Хусусан, 2024 йил август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р 1999 йилда туғилган Ш.А га куёв бўлишни айтиб, унинг ишончига киради. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан бошқа фуқарога 240 000 АҚШ долларига сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси танланган.

Дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р бундан ташқари бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган, — дейилади хабарда.

Барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари тўлиқ ва холисона олиб борилиб, тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига юборилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши доирасида суд жараёнлари олиб борилаётгани билдирилди.

AI News