Сурхондарёда аёли ва унинг 5 ойлик боласини молхонага қамаган эркакка жиноят иши очилди
Сурхондарё вилояти Узун туманида эркак ўз аёли ва янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик ўтказиб, уларни молхонага қамаб қўйган. Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ томонидан расмий изоҳ берилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 26 август куни Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Маълумотга асосан, маҳалла профилактика инспектори томонидан зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, хонадон эгаларини қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузиб, хонадон эгаси 1981 й.т. фуқаро Ш.А.нинг норасмий турмуш ўртоғи 1997 й.т. фуқаро Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзанди оғир шароитда мажбурлаб сақланиб келаётганлигини аниқлаб, жабрланувчиларни зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
Ҳолат ўрганилганда, хонадон эгаси фуқаро Ш.А., шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, норасмий турмуш ўртоғи фуқаро Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришлари борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келишганлиги аниқ бўлган.
Жабрланувчи аёл Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса туғруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган, — деийлади хабарда.
Ҳолат юзасидан, ЖКнинг 126 прим 1-моддаси 7-қисми «а», «е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар Ш.А. ва унинг ишга алоқадор бўлган 3 нафар яқин қариндошлари процессуал тартибда қамоққа олинган.