Қозоғистонда мактаб ўқувчисини зўрлаган ўзбекистонлик умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 8 синф ўқувчисини кўп маротаба зўрлашда айбланаётган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарилди, деб хабар берди «Otyrar» телеканали.
Жиноят ишлари бўйича Туркистон вилояти ихтисослаштирилган туманлараро суди маълумотларига кўра, 35 ёшли эркак Жиноят кодексининг «Зўрлаш» моддаси билан гумонланган.
Судланувчи Қозоғистон Республикасига 2024-йилнинг ўрталарида қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Келес туманидаги уйлардан бирида иш билан шуғулланаётган вақтида қўшни хонадонда яшовчи 2011-йилда туғилган қизнинг ночор аҳволидан фойдаланиб, у билан ўз хоҳишига қарши бир неча марта жинсий алоқада бўлган, — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.
Прокурор унга умрбод қамоқ жазосини талаб қилди, суд буни тўлиқ қаноатлантирди. Бироқ айбланувчининг ўзи айбини тан олмади.
Натижада, суд эркакни Жиноят кодексининг 120-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.