Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирди

Эрон мудофаа вазири Азиз Носирзода 4 май куни агар АҚШ ҳарбий ҳужум уюштирса, бунга жавобан Яқин Шарқдаги Америка базалари нишонга олиниши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Аl Arabiya хабар берди.

«Биз уруш эълон қилинадиган бўлса, куч билан жавоб қайтарамиз. АҚШ манфаатлари ва уларнинг базалари нишонимиз бўлади», — деди Носирзода.

Унинг айтишича, Эрон қўшни давлатларга душманлик кайфиятида эмас, бироқ АҚШ томонидан зарба берилса, айнан ўша қўшни мамлакатлардаги ҳарбий объектлар жавоб ҳужумига учраши мумкин.

Шу куни Эрон ўзининг “Қассем Басир” номли янги баллистик ракетасини ҳам намойиш қилди. Қаттиқ ёнилғида ишловчи ушбу ракетанинг учиш масофаси 1200 километрни ташкил қилади.

Маълумот учун, 12 апрелдан бери Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий музокаралар давом этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп март ойида Эрон олий етакчиси Али Хоманаийга музокараларни бошлашга даъват қилган, бироқ дипломатик йўл муваффақиятсизликка учраса, ҳарбий чора кўрилиши мумкинлигини ҳам эслатган эди.

Ғарб давлатлари, айниқса АҚШ, Эронни ядро қуролини яратишга уринаётганликда айблаб келади, Теҳрон эса бу даъволарни қатъиян рад этмоқда.

Жаҳон