Эрон АҚШ ва Исроилдан музокара бошлашни сўради
Эрон ҳукумати воситачилар орқали АҚШ ва Исроилдан ҳарбий ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни сўради. Бу ҳақда The Wall Street Journal Яқин Шарқ ва Европа расмийларига таяниб хабар берди.
Расмийларнинг айтишича, агар АҚШ Исроил ҳужумларида қатнашмаса, Эрон ядровий музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирган. Теҳрон, шунингдек, Исроил билан зўравонликни жиловлаш ҳар икки томон манфаатига мос келишини маълум қилган.
Араб дипломатлари фикрича, Эрон Исроилнинг «чарчатиш уруши»ни узоқ давом эттира олмаслигига ишонади ва яҳудий давлати барибир дипломатик йўл тутишга мажбур бўлади. Бироқ Теҳрон ҳозирча ядровий дастур юзасидан ён бериш ниятида эмас.
Араб воситачиларининг хабарига кўра, агар АҚШ билан музокараларга қайтиш имкони бўлмаса, Эрон ядровий фаолиятини жадаллаштириши ва урушни кенгайтириши мумкин.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ) берган баҳоларга кўра, Эрон ядровий объектларига етказилган зарар катта бўлмаган. Бу эса Исроилга ҳужумларни давом эттириш учун асос яратмоқда.
Маълумот учун, Исроил ва Эрон ўртасидаги ўзаро ҳужумлар 13 июнга ўтар кечаси бошланган. Исроил «Исёнкор шер» операцияси доирасида Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига зарба бермоқда.
Жавобан Теҳрон «Ҳақиқий ваъда 3» номли операцияни бошлаган ва Исроил ҳудудига юзлаб ракеталарни учирган. Ҳозирда икки давлат ўртасидаги низо давом этмоқда.