Исроил Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлади

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ҳудудидаги бир қатор ҳарбий объектларга, жумладан, ядровий дастур билан боғлиқ нуқталарга зарбалар берди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари ЦАХАЛ ва Тhе Times of Israel хабар берди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху телемурожаат орқали “Исроил тарихидаги ҳал қилувчи паллага етганимизни эълон қиламан. Бир неча дақиқа аввал ъИсёнкор шеръ номли ҳарбий операцияни бошладик”, дея баёнот берди. Унга кўра, ушбу операция Эроннинг Исроил хавфсизлигига таҳдидини бартараф этишга қаратилган бўлиб, зарурат туғилса, бир неча кун давом этади.

Эрон пойтахти Теҳронда портлашлар овози эшитилгани ва баъзи туманларда тутун кўтарилгани ҳақида Tasnim агентлиги хабар берди. Эрон расмийларига кўра, зарбалар орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакиллари яшаётган уйлар ҳам нишонга олинган.

Теҳрон халқаро аэропортида барча рейслар бекор қилинди. Исроил армияси Эрон ядровий дастури бўйича хавотир билдириб, бир неча кун ичида 15 та ядровий бомба яратишга етарли миқдорда бойитилган уран мавжудлигини маълум қилди.

Ҳарбий амалиёт давом этаётган бўлиб, халқаро ҳамжамиятдан кескин эътибор тортмоқда.

Жаҳон