Сирдарёда эшак гўшти олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди

Сирдарёда 361 кг эшак гўшти олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, 25 май куни Сирдарё вилоятида Қарши—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомобили тўхтатилиб, ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганда машина юкхонасида 361 кг ноқонуний гўшт маҳсулоти борлиги аниқланган. Мутасадди идоралар томонидан ўтказилган лаборатория текширувлари маҳсулот эшак гўшти эканини тасдиқлаган.

Косон туманидан йўлга чиққан ҳайдовчининг сўзларига кўра, гўшт унга тегишли бўлмай, фақат етказиб бериш учун белгиланган манзилга олиб кетаётган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Сирдарё