Сенат давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг 14-ялпи мажлисида «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, бугунги кунда давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмасдан, 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланган.

Аммо фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Шу боис ушбу соҳадаги муносабатларнинг ва тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилиш заруратини юзага келтирмоқда.

Мазкур Қонун юқорида қайд этилган масалаларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб, унинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган органнинг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда зарарнинг ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборатдир.

Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон