Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолияти ҳавони ифлослантиргани сабабли вақтинча тўхтатилди

Навоийда атмосферани ҳаддан ташқари ифлослантирувчи корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш манбаларини аниқлаш, сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича ўрганиш ишларини олиб борилди.

Ўрганиш икки йўналишда олиб борилган, биринчиси шаҳарда қайд этилган оқ туман манбаини аниқлаш ва иккинчиси саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш.

Текшириш жараёнида, «Sogda kimyo zavod»  МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётганлиги, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратганлиги ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларни ҳудудидан ташқарида жойлаштирганлиги, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётганлиги, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ релефга ташланганлиги, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётганлиги аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланган

Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида 22 корхона: «Qurilish mahsulotlari», «Navoiy global trans servis», «Ittifoq», «Qizilqum temir beton», «Qizilqum shifer», «Stroykom-77», «Karmana kvars», «Navoiy util med», «Navoiy asir invest», «BARNO», «Navoiy sheben xom-ashyo», «Navoiy sheben xom-ashyo», «Navoiy asir invest savdo», «Montaj servis malikrabot», «Karmanasut», «Alibobo-2020», «Fosxim agro», «Jahon biznes baraka servis», «Rubin-karmana», «Sogda kimyo zavod», «Ferrosplav», «Parda bobo ustaxonasi» фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмаганлиги, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини баратараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.

Экология вазирлиги табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузувчи корхоналарга нисбатан бундан буён ҳам қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.

Қарорлар