Тошкентда хиёнат қилган хотинини ўлдирган эр 10 йилга қамалди
Тошкент шаҳри Бектемир туманида хотинини рашк сабаб пичоқлаб, ўлдирган эркак 10 йилга қамалди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2022 йилнинг 19 ноябрь куни соат тахминан 19:00 ларда юз берган. Марҳума аёл ижтимоий тармоқлардан бири орқали яқин дугонасига бошқа бир эркак билан кўришганини, у билан жинсий алоқада бўлганини овозли хабарда айтган. Бу гапларга чидай олмаган эркак аёлининг ота-онасини уйига борган. Сабаби ўша пайт марҳума эри билан жанжаллашган ва аразлаб, отасининг уйига кетиб қолган. Эркак аёлининг уйига қоронғу тушганда бориб, қўшни девордан ошиб ўтган. Сўнгра хотини ухлаб ётган хонага кириб, марҳуманинг танасига ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи ёрдамида 19 маротаба пичоқ урган. Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Жорий йилнинг 17 февраль куни мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида кўриб чиқилган. Унга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи суд залида хотинини яхши кўришини ва уни ўлдириш нияти бўлмагани ҳақида гапирган.
«Унинг бундай йўл тутгани менга жуда ёмон таъсир қилди. Унга ишонардим, кутмагандим. Аёлимни овозли хабарда айтган гаплари миямда қолиб кетди. Шуни гаплашиш мақсадида бордим.
«Сен менга бегонасан энди, туғдиришни ит ҳам билади, болаларни тортволаман», деган гаплари менга жуда ёмон таъсир қилди. Эркаклик ғуруримга тегди. Ўша ҳолатда хотинимни ўлдириб қўйдим. Минг марта пушаймонман, кечиришингизни сўрайман», деган эркак.
Унинг сўзларига кўра, оиланинг 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган. Шунингдек, эркак аёли билан бахтли яшашни хоҳлагани, унинг бу ҳаракати унга ёмон таъсир қилганини ҳам таъкидлаган.