Россияда биометрик маълумот топширмаган хорижликлар мобил алоқасиз қолади
Россияда 1 июлдан бошлаб Ягона биометрик тизимда рўйхатдан ўтмаган хорижий фуқароларнинг мобил алоқа хизматлари босқичма-босқич тўхтатилади. Бу ҳақда мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Янги тартибга кўра, чет эл фуқаролари алоқа операторлари билан фақат биометрик маълумотларини топширган ҳолда шартнома тузиши мумкин. Улар ўз номига 10 тагача SIM-карта расмийлаштира олади. Аввал тузилган шартномалар бўйича эса 1 июлгача биометрик рўйхатдан ўтиш лозим эди.
Вазирликка кўра, уч ойдан ортиқ вақт давомида фаол бўлмаган рақамлар дарҳол ўчирилади. Фаол рақамларда эса хизматлар босқичма-босқич чекланади: аввал халқаро ва шаҳарлараро қўнғироқлар, сўнгра интернет тезлиги пасайтирилади, 30 кундан кейин эса бутунлай узилади.
Ҳозиргача икки миллиондан ортиқ хорижлик биометрик тизимда рўйхатдан ўтиб, янги шартнома тузган. Ҳукумат бу чора «кулранг» SIM-карталарга қарши кураш мақсадида жорий этилганини билдирган.