Нафақа ва моддий ёрдам пулларидан кредит қарздорлигини автоматик ечиб олишга чек қўйилади
Марказий банк ижтимоий нафақалардан қарзни автоматик ундиришни инсофсиз амалиёт деб топиб, бу жараённи тўхтатишга чақирди.
Марказий банк фуқароларга давлат томонидан ажратилаётган нафақа ва моддий ёрдам пулларини кредит қарздорлигини сўндириш мақсадида уларнинг розилигисиз автоматик тарзда банк карталаридан ечиб олиниши ҳолатларини инсофсиз амалиёт сифатида баҳолаб, барча кредит ташкилотларига бу амалиётни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди.
Банкка келиб тушган мурожаатларга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига тўланаётган болалар нафақаси, ногиронлик нафақаси, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси каби маблағлар айрим кредит ташкилотлари томонидан автоматик тарзда ундириб олинмоқда.
Марказий банк бу маблағлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминловчи тўловлар экани ва Конституциянинг 57-моддасида уларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши белгиланганини эслатди.
Шу сабабли банк барча молия ташкилотларини ички тизим ва автоматик ечиб олиш тартибларини қайта кўриб чиқишга, шунингдек, шикоятлар келиб тушган тақдирда маблағларни қайтариш чораларини кўришга чақирди.