Фарғона туманидаги хонадонда нарколаборатория фош этилди

Фарғона туманидаги уйларнинг бирида нарколаборатория ташкил этилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Тумандаги «Миндонобод» МФЙдаги уйлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш мақсадида ташкил этилган нарколаборатория ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.

Аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1990 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар шахс мазкур хонадонни ҳар ойига 250 АҚШ долларидан ижарага олиб, у ерда гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш билан шуғулланган.

Кўздан кечириш давомида, ушбу манзилдан 8 килограмм 185 грамм Алфа-ПВП, 4 килограмм 209 грамм «Спайс», 427 грамм «Мефедрон» синтетик наркотик моддалар ҳамда уларни тайёрлашда керак бўладиган 12 килограмм 326 грамм махсус суюқлик ва 13 килограмм 925 грамм тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбир давомида олинган жами 12 килограмм 821 грамм синтетик наркотик моддаларнинг қора бозордаги баҳоси 9 миллиард 185 миллион сўмни ташкил этади.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, қонунбузарлар интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари томонидан «закладка» усулида етказиб берилган хом ашё маҳсулотлари асосида наркотик моддалар тайёрлаб, вилоят бўйича белгиланган хуфия жойларга қолдириб, уларнинг геолокациясини жиноий гуруҳ аъзоларига юбориб турган.

Бунинг эвазига учала шахснинг ҳар бири ҳафтасига криптовалюта кўринишида 500 АҚШ долларидан маош олган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон