Қозоғистонда оғир аҳволда ишлашга мажбурланган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Қозоғистонда оғир аҳволда ишлашга ҳам мажбурланган Ўзбекистон фуқароси Бош консулхона кўмагида ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси Р.М. жорий йилнинг март ойида Олмаота вилоятининг Қорасой туманидаги фермер хўжалигига тракторчи бўлиб ишлаш учун борган. Бироқ орадан кўп ўтмай, у юрак хуружи билан оғриган ва иш фаолиятини давом эттира олмаган.
Шунга қарамай, иш берувчи унинг соғлиғи ёмонлашганига эътибор бермасдан ишлашга мажбур қилган ва иш жойини тарк эта олмаслиги учун паспорти ва мобил телефонини ҳам тортиб олган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари мурожаатни тезкорлик билан ўрганиб, фуқарога тегишли ҳужжатларни қайтариб олишга эришган.
Шундан сўнг, Р.М. Бош консулхона вакиллари томонидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.