Ўзбекистонда фуқароларга бериладиган банк карталари сони чекланади
Марказий банк битта фойдаланувчига расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақида 26 ноябрда бўлган медиа-мулоқотда регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев маълум қилди, дея Спот хабар берди.
Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда фуқаролар битта паспортга очиши мумкин бўлган банк карталари сони қонуний жиҳатдан тартибга солинмаган. Натижада айрим мижозлар 100 дан ортиқ карталарга эгалик қилишади. Беҳзод Ҳамроев бундай карталардан кейинчалик фирибгарлар пул маблағларини ўзлаштириш схемаларида фойдаланаётганини таъкидлади.
Марказий банк матбуот хизматининг изоҳ беришича, банк карталари билан боғлиқ шубали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейжинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.