Фуқароларни хорижга юбормоқчи бўлган Миграция агентлигининг 2 ходими ушланди
Пул эвазига Корея давлатига ишга юбориш билан шуғулланган Миграция агентлигининг икки ходимига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, алдов йўли билан бир гуруҳ фуқароларнинг ишончига киради.
Аммо, ҳодим фуқароларни Жанубий Корея давлатига ишга юбориш эвазига 41 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, у мазкур ноқонуний фаолиятни Миграция агентлиги марказий аппаратининг бош мутахассиси билан биргаликда амалга ошириши аниқланган.
Натижада, ушбу масъул ходим ҳам юқоридаги пул маблағидан 15 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинади.
Миграция агентлигининг мазкур ходимлари 2024 йилда 80 нафардан ортиқ фуқароларни Корея давлатига юбориш учун 700 минг АҚШ долларидан ортиқ пул маблағларини олиб, ҳозирга қадар уларни сарсон қилиб юрганликлари маълум бўлди, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва уларни терговга жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.