Янги сайланган ЎФА президенти футболни рақамлаштириш режаси ҳақида маълумот берди
ЎФА президенти этиб сайланган Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов футболни ривожлантириш бўйича асосий режалари ҳақида сўзлади.

Жумладан, 30 январ куни Тошкентда бўлиб ўтган ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгрессида Қурбонов 2025 йил мобайнида футбол соҳасини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва 2026 йил учун белгиланган вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Қурбоновнинг сўзларига кўра, ўтган йилларда футбол соҳаси рақамлаштирилмагани сабаб футболчилар ҳақида ягона умумий база мавжуд бўлмаган. Шу боис клублар трансферлар орқали машғулот тўловларини ола олмаган.
Футболчилар тайёрлашни рақамлаштириш орқали инсон омили аралашувини кескин қисқартирувчи ва шаффоф селекцияни таъминловчи Миллий футбол электрон платформаси ишга туширилди. Платформада футбол мактабига келган ҳар бир бола ва унинг мураббийи электрон рўйхатга олинади. Футболчининг профессионал ўсиш кўрсаткичлари тизимига киритилади ҳамда мониторинг қилиб борилади. Эндиликда платформада рўйхатдан ўтган футболчи учун клуб ФИФАнинг трансфер тўловлари бўйича даромад олиш имконига эга бўлади, — деди ЎФА раиси.
ЎФА президенти футболдаги ҳакамлик масаласига эътибор қаратди ва учрашувларда адолат ҳамда шаффофликни таъминлаш учун Футбол ҳакамлари академияси ташкил этилганини билдирди.
Баҳодир Қурбонов футбол мактаблари фаолиятида мавжуд муаммоларга тўхталиб, уларни бартараф этиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у ёшларни саралаш жараёнида шаффофлик етарли даражада таъминланмаётгани, таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик ҳолатлари кузатилаётганини қайд этди.
Минг афсуски футбол мактаблари ва академияларида ёшларни саралашда етарлича шаффофлик йўқ. Таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик каби салбий иллатлар ҳам кузатиляпти. Шу сабабли илмий ёндашувлар асосида ёш футболчиларимиз билан ишлаш ва уларни саралаш бўйича янги тизим яратамиз. Бунда палатформа орқали футбол муассасаларидаги иқтидорли ва салоҳиятли ёш футболчиларнинг ўсиш даражаси мониторинг қилинади ва бошқа вилоятлардаги мутахассислар томонидан шаффоф саралаш йўлга қўйилади, — деди Қурбонов.




