Хоразмда 2 нафар ФВБ ходими пора олаётганда ушланди
Хоразмда икки нафар ФВБ ходими пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Қайд қилинишича, Тупроққалъа туман ФВБ ходими Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни вилоят ФВБга ишга жойлаштириб қўйиш эвазига $1,5 минг талаб қилган. У олдиндан $400 ва 1,3 млн сўм олаётган вақтида ДХХ ва Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шунингдек, Шовот туман ФВБ ходими бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, унга танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган ва бунинг эвазига $1,4 ҳамда 1,3 млн сўм олган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.