Гамбург вокзалида аёл пичоқ билан 18 кишини яралади
23 май куни соат 18:05 атрофида Гамбург марказий вокзалида 39 ёшли аёл пичоқ билан одамлар устига ҳужум қилди. Бу ҳақда NDR хабар берди.
Воқеа 13 ва 14 йўлаклар оралиғидаги платформада содир бўлди. Аёл бехосдан ҳаракатланиб, йўловчиларга пичоқ билан ташланган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳужум натижасида 18 киши тан жароҳати олди — улардан 4 нафари ҳаёт учун хавфли аҳволда, 6 киши оғир, 8 киши енгил жароҳат олган. Аёл воқеа жойида полицияга қаршилик кўрсатмасдан қўлга олинди. Полиция бу жиноятни якка шахс томонидан содир этилган деб баҳоламоқда. Аёлнинг руҳий ҳолати беқарор бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ҳодиса ортидан барча темирйўл йўналишлари вақтинча тўхтатилган, бироқ кечаси ҳаракат тикланган. Гамбург мери ва бошқа сиёсатчилар воқеадан чуқур ташвишда эканини билдирган.
Полиция ҳужумга оид барча видеоёзув ва гувоҳларнинг маълумотларини йиғмоқда. Тергов давом этмоқда. Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун шаҳар томонидан махсус хизматлар сафарбар қилинган.