Гарвард университети Трамп администрациясини судга берди
Гарврард университети АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти университетни 2,2 миллиард долларга молиялаштиришни музлатиб қўйгани учун судга берди. Бу ҳақда университет президенти Алан Гарбер маълум қилди.
Директор Трамп администрацияси ҳаракатларининг оқибатлари “жиддий ва узоқ муддатли бўлиши”ни қайд этди. У тиббий, илмий ва технологик тадқиқотларнинг қисқариши “америкаликлар ҳаётини сақлаб қолиш қобилиятига путур етказиши”ни таъкидлади. Оқибатда “Американинг инновациялар соҳасидаги жаҳон етакчиси сифатидаги мавқейини заифлаштиришини” билдирди.
Биз молиялаштиришни музлатиб қўйишни бекор қилиш учун судга мурожаат қилдик, чунки бу ноқонуний ва ҳукумат ваколатлари доирасидан ташқарида амалга оширилган, деди Гарбер.
У АҚШ расмийлари ўз ҳаракатларининг изоҳи сифатида университет кампусларидаги антисемитизм намойишларига ишора қилганини таъкидлади.
Яҳудий ва америкалик сифатида антисемитизмнинг кучайиши ҳақида асосли хавотирлар борлигини жуда яхши биламан. Бу муаммони самарали ҳал қилиш учун тушуниш, интилиш ва ҳушёрлик зарур. Гарвард бу ишга жиддий қарайди. Биз қонуний мажбуриятларимизни тўлиқ бажараётганимиз сабабли нафратга қарши курашни давом эттирамиз. Бу нафақат бизнинг юридик масъулиятимиз, балки маънавий бурчимиздир, деди у.
51 саҳифадан иборат ҳужжатда Гарвард суддан молиялаштиришни музлатиб қўйишни бекор қилишни ва ҳукуматнинг 3 ва 11 апрелда йўллаган мактубларида баён этилган талабларни ноқонуний деб топишни сўрамоқда. Даъво Бостон федерал судига топширилган. Унда турли амалдорлар ва ҳукумат агентликлари жавобгар сифатида кўрсатилган.