Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
Қорақалпоғистонда табиий газдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорлар аниқланди, деб хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Нукус шаҳрининг «Ватанпарвар» МФЙда жойлашган «Д.С.Н.» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй кўздан кечирилганда таъминот корхонаси билан шартнома имзоламасдан рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич ўрнатиб, газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олиш ҳолати қайд этилди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 617 млн 760 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шаҳарнинг «Гулзор» МФЙда жойлашган ЯТТ А.Т.га қарашли бинода газ таъминоти корхонаси билан тегишли шартнома имзоламасдан табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Ноқонуний ҳолат бўйича 103 млн 848 минг сўмлик зарар ҳисобланди.
Хўжайли туманининг «Наврўз» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Х.Р.га тегишли умумий овқатланиш масканида истеъмолчи «зангори ёқилғи»дан табиий газдан фойдаланиш қоидаларига зид равишда фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Қайта ҳисоб-китобларга кўра 123 млн 688 минг сўмлик зарар келтирилгани аниқланди.
Барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.