Ноябрьда Ўзбекистонда жами 97 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
«Энергетика хавфсизлиги ойлиги» доирасида табиий ва суюлтирилган газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини ўтказди. Бу ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.
1−30 ноябрь кунлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 3 мингга яқин тадбирлар ўтказилиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 2,9 мингта ҳолат аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича жами 97,1 миллиард сўмлик 42,4 миллион куб метр табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, ойлик доирасида суюлтирилган газ таъминотида 1,5 минг дона маиший газ баллонлари ноқонуний сақланаётгани аниқланган 23 та «бункер» фаолиятига чек қўйилди. Бунинг натижасида аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилиши лозим бўлган 20,3 тонна суюлтирилган газ ҳажмлари талон-торожининг олди олинди.
Аниқланган ноқонуний ҳолатлар ва қоидабузарликлар ҳамда уларга алоқадор шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида барча материаллар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди.