Ғазода Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида шифокор оиласининг 9 та фарзанди ҳалок бўлди
Исроил ҳарбийларининг жума куни Хон Юнис шаҳрида амалга оширган ҳаво ҳужуми натижасида шифокор Ҳамди Ал-Нажжарнинг 10 фарзандидан 9 таси ҳалок бўлди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Нажжар оғир жароҳатлар олиб, «Нассер» шифохонасига ётқизилган.
Торакал жарроҳ Абдул Азиз Ал-Фарра Нажжарнинг қорин ва кўкрак соҳасида икки марта операция қилинганини, бош жароҳатлари ҳам борлигини маълум қилди. Нажжарнинг рафиқаси Алаа ҳужум вақтида шифохонада ишлаётган бўлган.
Исроил армияси ҳужумни жангарилар жойлашган ҳудудга қаратганини билдирган, аммо фуқароларнинг ҳалок бўлгани бўйича текширув олиб борилмоқда.
Ғазодаги тиббиёт ходимлари ҳалок бўлган болаларнинг ёши 1 дан 12 ёшгача эканини билдирди. Ҳужумдан омон қолган битта бола оғир, лекин барқарор аҳволда.