Ғазода сулҳга эришиш эҳтимоли борлиги маълум қилинди

Қатарда Исроил ва HAMAS ўртасида давом этаётган музокараларда томонлар ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш мумкин, бироқ бу вақт олиши мумкин. Бу ҳақда Исроил расмийлари маълум қилди.

АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида олиб борилаётган музокаралар доирасида асирларнинг босқичма-босқич озод қилиниши, Исроил қўшинларининг Ғазодан босқичма-босқич чиқиши ва урушни бутунлай тўхтатиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда.

HAMAS уруш тўхтатилмасдан гаровга олинганларни озод қилмаслигини билдирган, Исроил эса барча гаровдагилар озод этилмасдан урушни тўхтатмаслигини таъкидламоқда. Музокараларда гуманитар ёрдам киришини тартибга солиш ҳам ҳал қилинмаган масала бўлиб турибди.

Исроил хавфсизлик кабинети аъзоси Зеэв Элкиннинг айтишича, келишувга эришиш эҳтимоли юқори. Унинг сўзларига кўра, HAMAS айрим шартларни ўзгартирмоқчи, бироқ музокараларда ижобий силжиш бор.

Ўт очишни тўхтатиш таклифини ишлаб чиққан АҚШ вакили Стив Виткофф музокараларга қўшилиш учун ушбу ҳафта Доҳага сафар қилиши кутилмоқда. Бу орада Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашди.

 

Жаҳон