Ғазога Исроил ҳужумлари кучаймоқда
Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини янада кучайтирар экан, ўтган икки кун ичида юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда AL Jazeera хабар берди.
Ғазо Фуқаролик Мудофааси маълумотларига кўра, 15 майга ўтар кечаси Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 50 киши, 14 май куни эса 143 киши, жумладан шимолий ҳудудда 59 киши ҳаётдан кўз юмган.
Бу билан 2023 йил 7-октабрдан бери Ғазода уруш бошлангандан буён ҳалок бўлганлар сони 53 мингдан ошган, лекин бедарак йўқолганлар билан бу кўрсаткич 61 700 нафарга етади.
ҲАМАС халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг бу «ваҳший тажовузи» учун жавобгарликка тортишга чақирди. Исроил армияси эса ҳозирча ҳужумлар юзасидан изоҳ бермаган.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху бу ҳафтада чиқиш қилиб, ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунча ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаслигини яна бир бор таъкидлаган. У ўтган ҳафтада Қўшма Штатлар президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйлаб сафари якунига етгунига қадар гаровга олинганлар озод қилинмаса, уруш янада кучайтирилишини билдирган эди.