Германия 2026 йилдан мажбурий ҳарбий хизматни қайта жорий қилиши мумкин
Германия 2026 йилдан бошлаб мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Mудофаа вазири Борис Писториус маълум қилди.
Унга кўра, агар кўнгиллилар сони ҳарбий эҳтиёжни қоплай олмаса, мажбурий хизматга ўтиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Вазирнинг айтишича, янги модель аввалига ихтиёрий асосда амалга оширилади. Аммо бўш ўринлар кўнгиллилар сонидан кўп бўлса, мажбурий хизмат зарур бўлади. Шу билан бирга, тегишли қонун 2026 йил 1 январда кучга кириши режалаштирилган.
Германияда мажбурий ҳарбий хизмат 2011 йилда фақат тинчлик даври учун тўхтатилган эди. Ҳозирда эса тахминан 100 минг нафар ҳарбий хизматчи етишмаётгани сабабли, бу тизимни қайта жорий этиш муҳокамада.
Писториус яқин 2,5 йил ичида фақат ихтиёрий аризачилар орқали ҳарбий сафни тўлдириш имконсизлигини таъкидлади. Айни вақтда Германияда 800 мингга яқин захирадаги аскар мавжуд бўлиб, улардан фақат 60 минг нафари хизматга тайёр. Яна 150 мингга яқин фуқаро захирага қизиқиш билдирган.
Вазирнинг ҳисоб-китобига кўра, фаол ҳарбийлар, захирадаги ва чақирилиши мумкин бўлганларни ҳисобга олганда, Германия армиясининг умумий кучи 460 минг кишини ташкил этади.
Бу режалар Европада хавфсизлик муаммолари ва NATO доирасидаги ҳарбий тайёргарлик чақириқлари фонида илгари сурилмоқда. Россия президенти Владимир Путин эса бу борадаги баёнотларни «асоссиз ваҳима» деб атади.