Фарғонада автомашина ғилдираклари орасидан қарийб 20 кг наркотик топилди

Гумонланувчилар ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фарғона вилояти Риштон туманида гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Хусусан, қўшни мамлакатдан келган Volvo русумли юк автотранспорт воситасининг ғилдираклари ичига хуфиёна тарзда яширилган наркотик моддаларни олаётган вақтларида 1974 й.т. автомашина ҳайдовчиси ҳамда буюртмачи ҳисобланган Учкўприк туманида яшовчи, 2000 й.т. шахс ушланади.

Автомашина ғилдираклари ичига жами 3 кг 408 гр «опий» ва 16 кг 405 гр «гашиш» моддалари яширилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган, — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга буюртмачи шахснинг 1980 й.т. отаси ҳам алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланади.

Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Ўзбекистон