Тошкентда гиёҳвандлик воситаларини яширган фуқаролар қўлга олинди

Тошкент шаҳри Сергели туманида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган йигитлар қўлга олинди ва улардан гиёҳванд модда топилди. Бу ҳақида пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2004 йилда туғилган Б. ва унинг таниши, вояга етмаган 2008 йилда туғилган А. холислар иштирокида текширилган. Текширув натижасида бирининг ёнидан 5 дона, иккинчисининг ёнидан 10 дона целлофан пакетчаларга ўралган ўткир ҳидли моддалар топилган.

Суҳбат жараёнида улар худди шундай 5 дона пакетчаларни «буюртма» бўйича жойлаштирганлигини маълум қилган ва манзилни кўрсатиб берган. Шунингдек, улар таниши С.нинг ҳам уйида шундай моддалар борлигини маълум қилган. С.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 10 дона гиёҳвандлик моддалари солинган пакетчалар топилган.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкент