Тошкент вилоятида 14 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият юритаётган иссиқхона табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИВ Тезкор қидирув департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Зангиота туманида тезкор тадбир ўтказилган. Ушбу тадбир давомида газ тармоғига ноқонуний уланган иссиқхона аниқланган.
1987 йилда туғилган фуқаро яшаш хонадонининг томорқасида иссиқхона ташкил этиб, унда қулупнай етиштиришни йўлга қўйган. У иссиқхона ёнидан ўтган газ қувурига ҳеч қандай рухсатсиз уланиб олган.
Иссиқхона эгаси 3 йил давомида шу тарзда табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб, давлат манфаатларига дастлабки маълумотларга кўра, 14 милиард 348 миллион 880 минг сўм миқдорида зарар етказган.
Ушбу ҳаракатларни яширин тарзда амалга ошириш мақсадида қилмишларини турли кўринишда ниқоблаб келган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.