Умумий қиймати 1 млрд сўмлик гиёҳванд моддалар мусодара қилинди
Тошкент вилоятида яна бир наркотик лабораторияси йўқ қилинди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, маҳаллий 36 ёшли фуқаро катта миқдорда кучли таъсир кўрсатадиган дори воситаларини харид қилиб, интернет орқали сотган.
Унинг уйидан 1 кг тайёр модда, 6 кг кимёвий хомашё, наркотик моддаларни қадоқлаш учун 100 минг бўш капсула топилиб, олиб қўйилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчининг гиёҳванд моддаларни интернет орқали сотиш билан шуғулланган гуруҳда ишлаганини аниқлади. У курерларга катта миқдордаги капсулаларни етказиб берган, бунинг учун ҳар 1001 капсула учун 1000 доллар пул ўтказмаларини олган.
Рейд давомида мутахассислар томонидан қиймати 1 миллиард сўмлик 35 минг дона кучли таъсир кўрсатадиган дори воситаси мусодара қилиниб, 35 минг кишининг заҳарланиши эҳтимолининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар бўлмаган таъсир этувчи моддаларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд бундай моддалар ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомала қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.