Ўзбекистонда номусга тегиш жинояти учун қидирувда бўлган шахс Грузиядан мамлакатга олиб келинди
Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган фуқаро Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисмида назарда тутилган номусга тегиш жиноятини содир этганлиги учун қидирувда бўлган.
Экстрадиция Ўзбекистон ва Грузия Интерпол ММБ ходимларининг мувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорлиги ва қўшма тезкор-қидирув тадбирлари натижасида амалга оширилган.
Таъкидланишича, ушбу экстрадиция сўнгги икки ой ичида Грузия томонидан қидирувдаги Ўзбекистон фуқароларининг учинчи бор топширилиши.
Экстрадиция қилинган шахс Ўзбекистон Интерпол ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келиниб, кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларига топширилган.





