Ўзбекистонда ҳаж ва умра ягона портали ишга тушади

Дин ишлари бўйича қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2025 йил 1 сентябргача «Ҳаж ва умра ягона портали» ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.

Портал ҳажга борувчи фуқароларнинг ягона электрон навбати ҳамда умрага юбориладиган зиёратчиларнинг электрон рўйхати шакллантириладиган тизим ҳисобланади. Порталда ҳаж ва умра фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади.

Вазирлик ва идоралар Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра ўзининг ахборот тизимлари порталга интеграция қилинишини таъминлайди. Қўмита портал фаолиятини молиялаштиришга, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, алоқадор давлат ва нодавлат ташкилотлар учун фойдаланиш имкониятини яратишга масъул давлат органи ҳисобланади.

Қўмита, шунингдек, умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясига эга юридик шахслар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг порталдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Қарорлар