O’zLiDeP ва Туркиянинг «Адолат ва тараққиёт» партияси ҳамкорлик меморандумини имзолади

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Туркиянинг «Адолат ва тараққиёт» партияси раиси ўринбосари З.Сиракая бошчилигидаги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Туркия делегацияси таркибига шунингдек, «Адолат ва тараққиёт» партияси раисининг туркийзабон давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари К. Зорлу ва бошқа бир қатор расмий вакиллар кирган.

Учрашувда мамлакатда турк ҳамкорлар билан бирга 100 дан ортиқ қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилгани ва ўзаро савдо ҳажми тобора ошиб бораётгани ҳам бунга яққол мисол бўлиши айтиб ўтилди. Икки давлатнинг халқаро тузилмалар доирасидаги фаолияти, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги самарали фаолияти икки халқни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилаётгани билдирилди.

Ҳар икки партиянинг аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатлар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишини таъминлаш йўлидаги ҳаракатлари бир-бирига уйғунлиги, уларни амалга оширишда халқаро ҳамкорлик механизмларини ишга солиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги қайд этилди.

Учрашув якунида икки партия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва унга аниқ мазмун бағишлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Мазкур ҳужжат доирасида партиявий қурилиш масалаларида тажриба алмашиш, икки давлат парламентлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари ўртасида, ёшлар ва аёллар қанотлари ўртасида алоқаларни ривожлантириш масалалари кўзда тутилган.

Қолаверса, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида, тадбиркорлик субъектлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш, икки партия таҳлилий марказлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масалаларига ҳам урғу берилган.

Ўзбекистон