Ўзбекистонда 24/7 ишлайдиган ҳудудлар сонини 320 тагача ошириш таклиф этилди
Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тунги иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қарори лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳада 2030-йилгача тунги иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланиб, шу жумладан янги хизмат имкониятларини яратиш, тунги иқтисодиётнинг улушини ошириш ва бандликни таъминлаш вазифалари кўзда тутилган.
Қайд этилишича, шу ёналишда 2030-йилгача мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 20 та индикаторни қамраб олади. Улар орасида савдо-кўнгилочар объектлар, кафе ва ресторанлар, WiFi зоналари, кинотеатрлар сонини ошириш, «каршеринг» ва «велошеринг» тизими, мобил клиникалар жорий этиш, концертлар, фестивал ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш каби йўналишлар мавжуд.
2030-йилга бориб 24/7 режимида фаолият юритувчи кўчалар ва ҳудудлар сонини 320 тага, тунги режимда ишлайдиган кафе ва ресторанларни 8 мингтага, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарини эса 14,2 мингтага етказиш режалаштирилган, — дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, биринчи босқичда республика бўйлаб 27 та туман ва шаҳарда, шунингдек, Тошкент шаҳрининг барча туманларида 24/7 режимида фаолият кўрсатаётган кўчалар ва ҳудудлар рўйхати шакллантирилди.
Шу билан бирга, лойиҳадаги туну-кун ишлайдиган ҳудудлар учун минимал талаблар белгиланди. Унга кўра, бундай кўчалар ва ҳудудлар биринчи навбатда вилоят ва туман марказларида, шунингдек, аҳолиси 50 мингдан ортиқ бўлган шаҳарларда ташкил этилади. Халқаро амалиётга кўра, мазкур кўчаларнинг узунлиги ўртача 800 метрдан 2000 метргача бўлиши лозим.
Шунингдек, аҳоли учун ноқулайликларни олдини олиш мақсадида шовқин меъёрлари даражасини қатъий белгилаш ҳам муҳим мезон сифатида кўрсатилди.