Зўрлаш ва фирибгарликда айбланаётган 2 ўзбекистонлик мамлакатга олиб келинди
Интерпол қидирувда бўлган ва турли жиноятлар содир этганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга экстрадиция қилинди.
Хусусан, зўравонликда айбланаётган шахс Польша ҳудудида қўлга олинди. Зарур тартиб талаблари амалга оширилгач, жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий Марказий Бюроси ходимларига топширилди.
Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатларидан Ўзбекистон Республикасига ноқонуний миграцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида мамлакатда ноқонуний равишда бўлган 39 нафар фуқаро депортация қилинди. Улар орасида Интерпол каналлари орқали ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган шахс ҳам бор эди.
Мазкур шахслар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиш ва содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилиш учун Интерпол Миллий марказий бюроси ва Республика Ички ишлар органлари ходимларига топширилди.