Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматчилар ва хизматни ўтаган ёшларга имтиёзлар берилади

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилган фуқаролар учун қуйидаги имтиёз ва кафолатлар берилади:

Хусусан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

• муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг масофавий таълим шаклига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш, кириш имтиҳонларида иштирок этиш ва натижасига кўра ўқишга киришга рухсат берилади. Бунда олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли таълим кредити ажратилади;

• муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган аскарлар олий таълим ташкилотларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларида ўқиган талабаларга тенглаштирилади ва ўқишни тамомлагандан сўнг уларга белгиланган тартибда «захирадаги лейтенант» ҳарбий унвони берилади;

• муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган, республика ва халқаро спорт мусобақаларида ёки фан олимпиадаларида 1-ўринни қўлга киритган аскарлар орасидан 100 нафари танлов асосида сараланиб, олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига дастлабки саралаш ва махсус касбий танлов натижаларига кўра тест синовларисиз ёки якка тартибдаги якуний суҳбатсиз белгиланган йиллик квота доирасида тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади;

• муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида Олимпия ва Осиё ўйинлари дастурларига киритилган спорт турлари бўйича республика ҳамда халқаро мусобақаларда 1-ўринни қўлга киритган аскарлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига (мос йўналишларга) кириш синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ўзбекистон