Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат 42 даражага кўтарилади

Республика бўйича ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди

Ўзбекистонда 6-11-июль кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет матбуот хизмати хабар беради.

Қайд этилишича, июль ойи бошида кузатилган салқин об-ҳаводан сўнг, ушбу ҳафтада Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат тартиби оддий ёзги кўрсаткичларга аста-секин қайтади.

Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади, аммо қийматлар июль ойига хос чегараларда қолади.

Бугун кундузи ҳаво 34-37 даражагача исийди, кейинги кунларда эса кундузги ҳарорат 37-40 даражага етади. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда ҳарорат асосан кундуз кунлари 39-42 даража бўлади.

Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тошкентда 6-11-июль кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.

Бугун ва эртага кундузги ҳаво ҳарорати 35-38 даража бўлади, кейинчалик аста-секин 38-40 даражагача кўтарилади. Ҳарорат кечалари 22-25 даража атрофида бўлади.

Ўзбекистон